image_pdfimage_print

Ҳар бир халқнинг беназир маънавий бойликларидан бири бу миллатнинг ўз она тилидир. Миллат тили барҳаёт бўлса, ушбу давлатнинг қадриятлари, истиқлоли ва истиқболи ҳамда тараққиёти барқарор бўлади. Бугун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигига 30 йил тўлди. Ушбу ҳужжат миллатимизнинг мустақиллик томон қўйган илк юксак қадамларидан бири бўлган. Шу муносабат билан республикамизнинг барча ҳудудларида турли кўринишдаги байрамлар, тадбирлар ва ёшларнинг ўзбек тили борасидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида турли танловлар ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, миллий тилимизнинг тараққий этишида ўзининг улкан ҳиссасини қўшган аллома ва олимлар ҳаётига яна бир бор назар ташланиб, уларнинг фидойи меҳнатлари эътироф этилмоқда. Уларнинг ҳаракати билан шаклланган ўзбек тили ҳозирги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқарувида, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида кенг қўлланилиб, халқаро минбарларда баралла жарангламоқда. Буни юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилот ва хорижий мамлакатларнинг вакиллари ўз маърузаларини ўзбек тилида тайёрлаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 4 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори имзоланган эди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу қарор ижросини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари ходимларига она тилимизни бебаҳо маънавий бойлик эканлиги ҳақида тушунчалар бериш мақсадида, бугун Вазирлик Маданият саройида “Тилни асраган – элини асрайди” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

 

Унда Ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рустам Хатамов, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзолари, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Чингиз Айтматов номидаги академиянинг академиги, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев  ва бир қатор соҳавий хизмат вакиллари, шунинг билан биргаликда Ички ишлар вазирининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати бир гуруҳ ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда журналист Аҳмаджон Мелибоев сўзга чиқиб, барчага юртимизда ўзбек тилига бўлаётган эътибор ва кундалик ҳаётимизда ундан тўғри фойдаланишимиз кераклиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шу билан бирга, тадбир давомида истеъфодаги полковник Абдуғаффор Саттаров ва журналист Садриддин Шамсидиновларнинг ҳаммуаллифлигида ёзилган Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматов ҳаёти ҳақидаги “Бир умрлик жасорат” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу китоб бугунги ёш авлодга ўрнак бўлишига ишонамиз. Шунингдек, тадбирда китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, ташриф буюрганлар ўзларини қизиқтирган адабиётларни харид қилдилар.