image_pdfimage_print

IIV ixtisoslashtirilgan maktab-internati 2024/2025 oʻquv yili uchun tanlov eʼlon qiladi

ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати 2024/2025 ўқув йили учун танлов эълон қилади

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати 2023/2024 ўқув йилида умумтаълим муассасаларини 4-синфни тамомлаётган (ўғил болалар) ўқувчиларни танловларда иштирок этишга таклиф этади.

Ихтисослаштирилган мактаб-интернатга ўқишга ҳар йилги қабул квотаси 100 нафар ўқувчини ташкил этиб, унинг 50 фоизи ички ишлар идоралари ходимлари ва 50 фоизи бошқа фуқаролар фарзандларига тақсимланади.

Жамоат тартибини сақлашда, жанговар ҳаракатларда, террорчиликка қарши операциялар ўтказишда, фавқулодда ҳолат тартибини ҳуқуқий таъминлаш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган вақтда ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари ўқишга танловсиз қабул қилинади.

Фарзандларини мактаб-интернатга ўқишга кириш истагини билдирган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар доимий яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар бошқармаларига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилишлари талаб этилади.

Фарзандлари мактаб-интернатга ўқишга кириш истагини билдирган ходимлар бевосита ички ишлар органларининг раҳбарларига билдирги билан мурожаат қилади.

Аризалар жорий йилнинг 15 апрелидан 1 июнь кунига қадар қабул қилинади.

Танлов қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  • ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
  • орфографик ва пунктуацион саводхонлик даражасини аниқлаш;
  • умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;
  • якуний тест синовлари.

Номзодларни умумтаълим фанлари (она тили ва адабиёт ҳамда математика) бўйича билимини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синовлари асосида ўтказилади.

Танлов шартларига кўра, диктант ҳамда умумжисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш босқичлари натижалари бўйича 6 (олти) баллдан кам балл тўплаган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган Тест синовларига киритилмайди.

Тест синовлари ўқишга қабул қилишнинг ҳал қилувчи босқичи ҳисобланиб, ходимлар ва бошқа фуқаролар учун ажратилган қабул квоталари доирасида тест синовлари натижаси бўйича тўплаган балларидан келиб чиққан ҳолда навбатдаги кетма-кетлик тартибига мувофиқ номзодлар танлаб олинади.

 

ИИВ ихтисослаштирилган мактаб-интернати директорининг Маънавий ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари майор М.Э.Омонов